Қозоғистонда 300 га яқин Швейцария компанияси фаолият юритмоқда

None
ASTANА. Каzinform – Швейцариянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармояси 32,6 миллиард доллардан ошди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Швейцария Қозоғистоннинг энг йирик инвесторларидан биридир. Иқтисодиётимизга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар 32,6 миллиард доллардан ошди. Ўтган йилнинг ўзидаёқ Швейцариядан мамлакатимизга 2,8 миллиард доллар сармоя киритилди. Қозоғистонда 300 га яқин Швейцария компанияси фаолият юритмоқда. «Novartis», «Glencore International», «Сlariant», «Roche Holding», «SGS», «ABB», «Sika», «Bühler Group», «Stadler» каби компаниялар саноатнинг флагманларидир», - деди ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу пойтахтда Швейцария дипломатлари билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йил охирида «Қазақстан темір жолы» ва «Stadler» компанияси ўртасида узоқ муддатли сармоявий келишувга эришилган.

«Шу муносабат билан мен яна бир бор тасдиқлайманки, биз мамлакатимиз бозорига кирмоқчи бўлган Швейцария компаниялари учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз. Швейцария билан савдо-иқтисодий алоқаларимиз ҳам изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган йили 1,4 миллиард доллар бўлган товар айланмаси жорий йилнинг январь-май ойларида 544,8 миллион долларга етди», — деди Мурат Нуртилеу.

Вазирнинг сўзларига кўра, яқинда Астана шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган ва икки давлат ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг кузида ўтказилиши режалаштирилган.

«Ҳар томонлама шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканимизни тасдиқлаб, Швейцария томонини иқтисодиётимизнинг устувор йўналишларига сармоя киритишга таклиф қиламиз. Кимё ва фармацевтика саноати, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт, инфратузилма ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имконият бор», — деди қозоғистонлик дипломат.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти раҳбари Иньяцио Кассис Қозоғистонга расмий ташриф билан келди.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар
telegram