Қозоғистон: жорий йилда 6 та моношаҳар ва 17 та кичик шаҳарчада 42 та лойиҳа амалга оширилади
ASTANA. Kazinform - Жорий йилда қишлоқларда мутахассисларни уй-жой билан таъминлаш учун 25 миллиард тенге ажратилди. Бу ҳақда пойтахтда бўлиб ўтган Сенат ҳузуридаги Маслиҳатлар билан ҳамкорлик кенгаши йиғилишида ҚР Бош вазири ўринбосари Ермек Кўшербаев маълум қилди.

- 7,5 миллион киши қишлоқ жойларда яшайди, бу аҳолининг қарийб 37 фоизини ташкил қилади. Қишлоқларда соғлиқни сақлаш ва қулай мактабларни модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳалар доирасида замонавий тиббиёт масканлари ва мактаблар қурилиб, замонавий жиҳозлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан янги спорт иншоотлари, маданият уйлари, аҳоли дам олиш масканлари қурилиб, йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, – деди Е.Кўшербаев.
Унга кўра, «Ауыл — ел бесігі» дастури доирасида 500 дан ортиқ қишлоқда 1000 та лойиҳани амалга ошириш учун 176 миллиард тенге маблағ ажратилган.
– “Диплом билан қишлоққа” лойиҳаси доирасида 2024 йил 1 январдан бошлаб бюджет ссудаси миқдори 1500 БҲМдан 2500 БҲМга, яъни 5,4 миллион тенгедан 9,2 миллион тенгега кўтарилди. Жорий йилда 2 минг 800 га яқин мутахассисни уй-жой билан таъминлаш лойиҳасига 25 миллиард тенге ажратилди. Шунингдек, жорий йилда 6 та моношаҳар ва 17 та кичик шаҳарчада 42 та лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллиард тенге ажратилган. Ҳукумат ҳудудий инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда давом этади, — дея аниқлик киритди Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили моношаҳарларга 62,8 миллиард тенге ажратилиши ҳақида хабар берган эдик.