Қозоғистон ва Ўзбекистон сув тақсимоти бўйича келишув лойиҳаси устида ишламоқда
TASHKENT. Kazinform - Тошкентда Қозоғистон ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазирларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Ҳамраев вегетациялараро даврдаги ишларнинг боришини муҳокама қилди.
“Ўтган йилнинг декабрь ойида биз Ашхободда тақвим бўйича келишиб олгандик. Шунга кўра, келишилган миқдордан 100 фоиздан ортиқ сув олмоқдамиз. 10 январь кунги ҳисоботга кўра, Шардара сув омборига Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан йўналтирилган 2 миллиард куб метрдан ортиқ сув келиб тушган. Ўз навбатида, бу сув Шимолий Орол ва Қизилўрда вилоятидаги ҳовузлар тизимига юборилади. Умуман олганда, ҳар икки томондан ҳам тўлиқ тушуниш мавжуд. Ҳар икки давлат ўз мажбуриятларини 100 фоиз бажармоқда”, — деди Нуржан Нуржигитов Kazinform мухбири саволига жавоб берар экан.
Вазир таъкидлаганидек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳозирда сув тақсимоти бўйича келишув лойиҳаси устида ишламоқда.
“Мамлакат давлат органлари билан келишилган лойиҳани Ўзбекистон томонига топширдик. Улар бизга 15 кун ичида жавоб юборишади. Бундан ташқари, Тошкентдаги учрашувда икки давлат ирригация тизимларини модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилдик. Натижада вегетация давригача қўшма таъмирлаш ишларини олиб боришга келишиб олдик”, – деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 январь куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 88-йиғилиши бўлиб ўтган эди. Келишув натижасида Қозоғистон баҳорда қўшни давлатлардан 11 миллиард куб метр сув олади.
Муаллиф: Асқар Алихан