Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари ҳамкорликни мустаҳкамлаш суръатларини муҳокама қилдилар
ASTANA. Кazinform — Алмати шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари Олжас Бектенов ва Абдулла Арипов раислигида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифи арафасида икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди ва икки давлат раҳбарларининг келишувларини амалга ошириш суръатлари кўриб чиқилди.
Хусусан, савдо-иқтисодий, сармоявий, сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларнинг ҳолати муҳокама қилинди.
Марказий Осиёдаги умумий савдонинг 57 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг 4 ойида унинг ҳажми 1,2 миллиард доллардан ошди.

Саноат кооперацияси доирасида 3,1 миллиард долларлик 69 лойиҳани амалга ошириш, 14 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий қиймати 217 миллион долларлик 12 та қўшма лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, 4,5 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Айни пайтда 178 миллион долларлик 3 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Йирик лойиҳалардан бири Тараздаги 500 минг тонна пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган электрометаллургия заводидир.
Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ҳудудларида 100 гектар майдонга эга “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини қуриш лойиҳасининг амалга оширилиши қўшма ишлаб чиқаришлар учун қўшимча рағбатлантириш шароитларини яратиш имконини беради.
Машинасозлик соҳасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳар йили ўзаро электротехника маҳсулотлари ва аккумуляторларни етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиради.
Транспорт соҳасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, “тиқинлар”ни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юк айланмасини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан томонлар “Дарбаза — Мақтаарал”, Алмати айланма йўли, Дўстлик бекати лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.
Сув хўжалигининг икки давлат ҳаётига таъсирини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари ишлаб чиқилди. Жумладан, икки давлат ҳудудидаги сув тақсимлаш майдончаларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича қўшма қадамлар кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон биз учун дўст қўшни, иттифоқчи ва қардош давлатдир. Икки мамлакат Давлат раҳбарлари ҳукуматларимиз олдига ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйди. Бу йўналишда биз агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат саноатида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси даражасини оширишдан манфаатдормиз”, — деди Олжас Бектенов.
Ўз навбатида Абдулла Арипов Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик асосида жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бу муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд.
“Барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Бу қардош халқимиз манфаатларига тўла мос келади. Бундай юксак даражадаги ҳамкорликнинг муҳим омили, шубҳасиз, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлардир. Ишонаманки, бугунги учрашув ва эришилган келишувлар ҳамкорлигимизга қўшимча туртки беради”, — деди Абдулла Арипов.
Учрашув якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-мажлиси баённомаси имзоланди.