11:22, 30 Октябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми ортади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 5 дан 10 миллиард долларгача ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда ҚР Савдо ва интеграция вазирлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Алмати шаҳрида Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрологияси институти (SMIIC) Метрология кенгашининг 11-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда 35 давлатдан келган делегатлар метрология, техник тартибга солиш ва ҳалол саноат масалаларини муҳокама қилди.
«Шу мақсадда бугун биз ҚазСтандард билан келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзоладик. Асосий вазифа умумий ўлчов стандартларини ўрнатиш ва стандарт моделларнинг янада талабчан турларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Бу ҳар икки давлат ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишга ёрдам беради. Натижада Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард доллардан 10 миллиард долларга ошириш режалаштирилмоқда»
, - деди Туркиянинг «Tubitak Ume» метрология институти бош директори Мустафа Четинташ.
Қозоғистон стандартлаштириш ва метрология институти бош директори Ғабит Мухамбетовнинг сўзларига кўра, жорий йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг режалаштирилган савдо ҳажми 14 миллиард доллардан ошади.
«Қозоғистоннинг SMIICдаги иштироки ва мазкур йиғилишда раислиги унинг Осиё ва Европани бирлаштирувчи, жаҳон миқёсида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алгоритмларини яратувчи евроосиё хабга айланиб бораётганидан далолат беради. Ҳалол саноати жаҳон иқтисодиётидаги энг тез ривожланаётган тенденциялардан биридир. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг 2022 йил учун товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард доллардан ошади. Ҳалол маҳсулотлар салоҳиятига озиқ-овқат саноатидан ташқари қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, косметика, тўқимачилик ва поябзал саноати киради»
, – дейди Ғабит Мухамбетов.
Муаллиф: Алихан Асқар