Қозоғистон ва Германия ўртасида ўзаро ишонч мавжуд - Қасим-Жомарт Тоқаев
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон ва Германия ўртасида ўзаро ишонч ва мустаҳкам дўстлик мавжуд. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия Федерал канцлери Олаф Шольц билан кенгайтирилган музокаралар чоғида айтиб ўтди.
“Таклифимни қабул қилганингиз учун чин дилдан миннатдорман. Бу сизнинг Қозоғистонга биринчи расмий ташрифингиздир. Бунга алоҳида эътибор қаратамиз. Бугунги учрашув Қозоғистон ва Германиянинг кўп томонлама ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришига ишонаман. Чунки мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, мустаҳкам дўстона муносабатлар мавжуд”, – деди Давлат раҳбари.
Президент ҳозиргина бўлиб ўтган кичик таркибдаги музокараларда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинганини айтди.
“Биз савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратдик. Бундан ташқари, долзарб халқаро муаммолар ҳақида суҳбатлашдик. Хусусан, бугунги геосиёсий вазият, глобал хавфсизлик ва минтақавий ривожланиш, иқлим ўзгариши юзасидан фикр алмашдик. Биз халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларга ҳам эътибор қаратдик. Икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик руҳида ривожланиб бормоқда. Кенгайтирилган таркиб билан олиб борилаётган музокаралар унинг кўламини кенгайтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Бунгача Астанага расмий ташриф билан келган Германия канцлери Олаф Шольцни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада кутиб олгани ҳақида ёзган эдик.