Қозоғистон ва АҚШ олимлари аграр сектор ва сув ресурслари муаммосини ҳал қилмоқчи
ASTANА. Кazinform - Қозибаев университети ва Аризона университети олимлари суғориш технологияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
АҚШ грант лойиҳаси доирасида “Қозоғистонда озиқ-овқат экинларини етиштиришда фойдаланиладиган суғориш сувининг микробиологик сифатини аниқлашнинг техник воситалари” лойиҳаси бўйича қўшма илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Аризона университети вице-президенти Шейн Берджесснинг Қозибаев университетига ташрифи доирасида вилоят ҳокими Ғауез Нурмуҳамбетов билан учрашиб, олий таълим ва аграр фанни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилди. Аризона университети Қишлоқ хўжалиги, биология ва атроф-муҳит фанлари коллежи озиқ-овқат орқали юқадиган касалликларнинг тарқалиши хавфини камайтириш учун суғориш сувининг микробиологик сифатини бошқариш юзасидан ечимларни ишлаб чиқиш бўйича 30 йиллик тадқиқот тажрибасига эга.
Иқлим ўзгариши туфайли ҳудуддаги гидрологик режимларнинг ортиб бораётган ўзгаришлари озиқ-овқат хавфсизлигини ташвишга солмоқда. Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси ҳисобланади. Мамлакатнинг шимолий қисмидаги ўрмон-дашт биомида яқинда экинларни суғориш бошланди. Лойиҳанинг тадқиқот гуруҳи Шимолий Қозоғистон вилоятида фермерлар томонидан фойдаланиладиган суғориш суви сифатини баҳолайди ва суғориш сувида озиқ-овқат патогенлари билан боғлиқ хавфларни назорат қилиш учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун йўриқнома ва рақамли воситани ишлаб чиқади.
Бу суғориш сувининг микробиологик сифатини “бошқариш” имконини беради, яъни ҳудуд ва экспорт учун хавфсиз бўлган сабзавот ва ем-хашак олинади. Аризона университети делегациясининг ташрифи чоғида Қозоғистон Республикасининг учта вилоятининг учта университети олимлари консорциумини очиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Биргаликда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар шимолий ҳудудларда сув ресурслари, ирригация, озиқ-овқат хавфсизлиги, ерларнинг деградацияси, қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик сифатини яхшилаш муаммоларини ҳал этишга қаратилган. Делегация вакилларининг фикрича, буларнинг барчаси ҳудудлар агросаноат комплексларини ривожлантиришга янги суръат бағишлайди.