Қозоғистон Ўзбекистон ва Хитой билан сув тақсимоти бўйича шартномалар имзолаш устида ишламоқда

поливная вода
Фото: Kazinform

Қозоғистон Ўзбекистон ва Хитой билан трансчегаравий дарёларда сув тақсимоти бўйича шартномалар имзолаш устида ишламоқда. Бу ҳақда сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов трансчегаравий сув оқимларидан биргаликда фойдаланиш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида гапирди. Мамлакатдаги саккизта сув ҳавзасидан еттитаси трансчегаравий ҳисобланади. Вазирлик трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича музокаралар гуруҳи аъзоларининг ваколатларини кучайтириш ниятида.

“2024-2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясида Қозоғистон Ҳукумати томонидан Ўзбекистон ва Хитой билан трансчегаравий сув объектларида сувни биргаликда бошқариш, ундан фойдаланиш ва тақсимлаш тўғрисида шартномалар имзоланиши кўзда тутилган. Бу давлатлараро сув муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, вазирлик Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқмоқда”, – деди вазир Нуржан Нуржигитов Ҳукумат йиғилишида.

Эслатиб ўтамиз, “Халқаро сув оқимларидан навигациядан ташқари фойдаланиш тўғрисидаги қонун тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилиб, Сенатга кўриб чиқиш учун киритилган эди. Конвенция бутун дунё бўйлаб трансчегаравий дарёлар, кўллар ва улар билан боғлиқ ер ости сувларини адолатли ва барқарор бошқаришга ёрдам берувчи халқаро ҳуқуқий асосдир.

Муаллиф: Арайлим Мурат

Сўнгги хабарлар