Қозоғистон Тожикистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлайди — Президент

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Тожикистоннинг 2028-2029 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

Қозоғистон Тожикистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлайди — Президент
Фото: Ақорда

Президент икки мамлакат ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш чораларига алоҳида эътибор қаратди.

— Мунтазам равишда ўтказиладиган Маданият кунлари, ижодий зиёлилар вакиллари ўртасида фаол мулоқот, таниқли шахсларга ёдгорликларнинг очилиши — буларнинг барчаси фуқароларимиз учун қизиқарли. Биз, шунингдек, таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Қозоғистон минтақа мамлакатлари орасида Тожикистон талабаларига энг кўп таълим грантларини тақдим этади. Ҳар йили 100 та ўрин ажратилади. Биз Тожикистон ҳарбий хизматчиларини Қозоғистон таълим муассасаларида ўқитишни давом эттиришга тайёрмиз. Бу ишни тизимли ва узоқ муддатли асосда олиб бориш учун ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланди, — деди давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев нутқини якунлаб, икки мамлакат минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича бир хил позицияга эга эканлигини таъкидлади. Қозоғистон ва Тожикистон кўп томонлама форумларда умумий манфаатларни биргаликда илгари суришга тайёр.

— Музокаралар давомида биз Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Минтақанинг барқарор ривожланиши қардош халқларнинг асосий манфаатларига жавоб берадиган умумий мақсаддир. Қозоғистон Тожикистоннинг 2028-2029 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзод сифатида кўрсатилишини мамнуният билан қабул қилди. Биз Тожикистон номзодини қўллаб-қувватлаймиз, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукуматлари 14 та ҳужжат имзоладилар.