Қозоғистон сув хўжалигида импортга боғлиқликни камайтиради: 13 та чора-тадбирлардан иборат йўл харитаси ишлаб чиқилди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон сув хўжалигида маҳаллий ишлаб чиқариш ва илмий ишланмаларни ривожлантиришни бошлади. Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги импортга боғлиқликни камайтириш, сув технологияларини маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришни автоматлаштиришга қаратилган 13 та чора-тадбирлардан иборат йўл харитасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда импортга боғлиқликни камайтириш, сув ўлчаш мосламаларини маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, гидравлик иншоотларни автоматлаштириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва тадқиқот инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган 13 та чора-тадбирлар мавжуд.
Йўл харитасида шунингдек, сув хўжалигининг технологик аудитини ўтказиш, маҳаллий илмий ишланмалар рўйхатини тузиш, ускуналарнинг экспериментал моделларини ишлаб чиқиш ва маҳаллий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
— Ҳозирда бу йўналишда фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги энг илғор технологиялар рўйхатини ишлаб чиқди. Шу билан бирга, сўнгги икки йил ичида сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда суғориш тизимларини ишлаб чиқарадиган маҳаллий заводлар сони тўрттадан еттитагача ошди. Бундан ташқари, вазирлик ёш олимларнинг илмий ишланмаларини ва Қозоғистон сув ресурслари илмий-тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлайди, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири ўринбосари Талғат Момишев.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда яна 14 та қишлоқ юқори сифатли ичимлик суви билан таъминланди.