Қозоғистон Президенти Италияга расмий ташриф билан борди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Италияга расмий ташриф билан борди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистон Президентини Рим аэропортидан Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто, Рим папасининг вакили Франческо Каналини кутиб олди. ҚР Президентини қабул қилиш чоғида фахрий қоровул саф тортди.
Қасим-Жомарт Тоқаев бугун, 18 январь куни Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.
Бундан ташқари, Президентнинг “Қозоғистон-Италия” сармоявий давра суҳбатида иштирок этиши, қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Қозоғистон Президенти 19 январь куни Ватиканда Рим папаси Франциск билан учрашади.
Қайд этиш жоиз, Қасим-Жомарт Тоқаев бу йилги хорижга илк сафарини Европадан бошламоқда. Давлат раҳбарининг расмий ташрифидан нимани кутиш мумкин ва бундан олдин икки давлат ўртасидаги муносабатлар қандай эди? Kazinform эксперти бу борада шарҳ берди.