Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил энергия бўйича ҳамкорлик қилади

ASTANA. Kazinform - Озарбайжон Миллий Мажлиси йиғилишида “Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида яшил энергияни ривожлантириш ва узатиш бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги битим”ни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Azertagга таяниб.

Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил энергия бўйича ҳамкорлик қилади
Фото: Azertag

Ўтган йил ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конвенцияси 29-сессияси (CОП29) доирасида уч давлат раҳбарлари томонидан имзоланган мазкур ҳужжат энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг янги стратегик асосларини аниқлаш мақсадида тайёрланган.

– Ушбу битим яшил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига ҳисса қўшиш йўлидаги муҳим қадамдир, – дейилган Озарбайжоннинг етакчи ахборот агентлиги хабарида.

Шартноманинг яна бир асосий мақсади Париж иқлим келишувида назарда тутилган иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш мақсадига мувофиқ, яшил энергияни ривожлантиришга кўмаклашишдир.

– Лойиҳа кучга кирса, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ энергетика тизими интеграциясини кучайтириш орқали қайта тикланадиган энергияни Европа ва бошқа минтақалар бозорига йўналтириш имконияти кенгаяди, – дея фикрини давом эттиради мақола муаллифи.

Ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида асосий ижрочилар – “Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси” АЖ, “Азерэнержи” ОАЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ иштирокида “Яшил йўлак бирлашмаси” қўшма корхонаси ташкил этилди. Ушбу жамоа техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ва лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ зарур ишларни бажаради.

Чексиз муддатга тузилган шартнома томонлар ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик орқали барқарор ривожланиш мақсадларини янада самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг Миллий Мажлис томонидан қонун лойиҳаси тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида "яшил" келишувнинг афзалликлари ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар