Қозоғистон қўшни давлатлар билан сув масаласи бўйича 38 та музокара ўтказди

ASTANА. Кazinform — Йил бошидан бери ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги қўшни давлатлар билан 38 та музокара ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон қўшни давлатлар билан сув бўйича 38 та музокара ўтказди
Фото: Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Улардан 27 таси Марказий Осиё мамлакатлари билан, 11 таси Хитой ва Россия билан ўтказилди. Хусусан, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан биргаликда жорий йилги вегетация даврида Тоқтоғул сув омбори ва Учқўрғон гидроэлектростанциясининг иш режими келишиб олинди. "Баҳри-Точик" сув омборининг иш режими ва "Дўстлик" давлатлараро канали орқали сув таъминоти масаласи Тожикистон ва Ўзбекистон билан келишиб олинди.

Қирғизистон билан эса Шу ва Талас дарёлари орқали сув таъминоти режимлари икки марта келишиб олинди. Марказий Осиё мамлакатларининг сув хўжалиги бошқармалари билан мувофиқлаштирилган ишлар натижасида жорий йилги вегетация даврида Шардара сув омборига кирадиган сув ҳажми прогноз кўрсаткичларидан ошди. Бундан ташқари, ўтган йили имзоланган Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим ратификация қилинди.

– Йил охирига қадар 33 та йиғилиш ўтказиш режалаштирилган. Улар орасида трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро битимни амалга оширишнинг доимий механизмига айланадиган қўшма Қозоғистон-Ўзбекистон комиссиясини тузиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, Сирдарё ҳавзасидаги сув омборларининг вегетация даврида иш режимларини тасдиқлаш, россиялик ҳамкасблар билан биргаликда трансчегаравий дарё ҳавзаларида сувни бошқариш балансини ишлаб чиқиш ва бошқа тадбирлар режалаштирилган, — деди ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари Нурлан Алдамжаров.

Таъкидлаш жоизки, август ойининг бошида Қозоғистонда биринчи Сув дипломатияси департаменти Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги қошида ташкил этилган эди. Янги департамент мамлакатнинг трансчегаравий сув ҳавзалари бўйича доимий ҳукуматлараро комиссияларда иштирокини мувофиқлаштиради, ҳамкор давлатлар билан музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, сув соҳасида ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё мамлакатлари Сирдарё ҳавзасида сув ҳисобини автоматлаштириш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиши ҳақида хабар берган эдик.