Қозоғистон кўмир станцияларини газга ўтказишдан манфаатдор – Энергетика вазири

Алмасадам Сатқалиев
Фото: primeminister.kz

ASTANА. Кazinform - Энергетика соҳасида илғор технологиялардан фойдаланиш ва “яшил” иқтисодиётни молиялаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда ҚР Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев маълум қилди.

“Биз илғор ва кам эмиссияли технологияларни ривожлантириш, “яшил” иқтисодиётни молиялаштириш, фуқаролар фаровонлигини ошириш ва ШҲТга аъзо мамлакатларнинг барқарор ривожланишини таъминлашни муҳим вазифа деб биламиз. Қозоғистон ўз навбатида қайта тикланадиган, атом ва водород энергетикасини ривожлантириш ва кўмир станцияларини газга ўтказишдан манфаатдор. Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича COP-28 конференцияси доирасида биз 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш учун иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга келишиб олдик”, - деди Алмасадам Саткалиев ШҲТга аъзо давлатлар энергетика вазирлари тўртинчи кенгашида.

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия қувватини жаҳон даражасида уч баробар ошириш режалаштирилган.

“Шунингдек, нефть-газ корхоналарида чиқиндиларни камайтириш учун “яшил” технологияларни жорий этиш муҳим”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, бугун Астана шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар энергетика вазирларининг тўртинчи кенгаши бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги хабарлар
telegram