Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭС лойиҳасини муҳокама қилди

ASTANA. Kazinform — Истанбул шаҳрида Жаҳон банки кўмагида Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича техник учрашув бўлиб ўтди.

Казахстан, Кыргызстан и Узбекистан объединяют усилия для строительства Камбаратинской ГЭС-1
Фото: Минэнерго РК

Музокараларда Қозоғистон томонидан Энергетика вазири ўринбосари Ержан Ертаев ҳамда Сув ресурслари ва ирригация вазири ўринбосари Арсен Жақанбаев иштирок этди.

Учрашув давомида Қирғизистондаги Норин дарёсида қуввати 1 860 МВт бўлган Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Лойиҳа уч давлат ҳукуматлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда ва минтақавий сув-энергетика ҳамкорлигини ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга.

Казахстан, Кыргызстан и Узбекистан объединяют усилия для строительства Камбаратинской ГЭС-1
Фото: Минэнерго РК

Томонлар лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ асосий техник масалаларни кўриб чиқиб, биргаликдаги ишларнинг кейинги йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, сув-энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

ҚР Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини ишга тушириш Марказий Осиёнинг энергетик салоҳиятини оширишга, шунингдек, энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу учрашув Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг минтақанинг сув-энергетика соҳасини барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳани илгари суриш йўлидаги ўзаро ҳамкорлигининг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Аввалроқ Қирғизистондаги «Қамбарота-1» гидроэлектр станцияси қурилиши қандай олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.