Korean Air 2027 йил ёзида Алматига авиақатновларни йўлга қўяди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Жанубий Корея ўртасидаги авиақатновлар кенгайиши мумкин. Korean Air авиакомпанияси 2027 йил ёзидан бошлаб Сеул-Алмати йўналиши бўйича рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу масала ҚР Транспорт вазири ўринбосари Талғат Ластаевнинг Корея делегацияси билан учрашувида муҳокама қилинди.

Korean Air планирует запустить рейсы Сеул — Алматы летом 2027 года
Фото: Korean Air

ИКАОнинг Ҳаво транспорти бўйича 7-жаҳон конференцияси доирасида Талғат Ластаев Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазири ўринбосари, фуқаро авиацияси масалалари бўйича масъул Чон Чхе Гё билан учрашди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ҳозирда Қозоғистон ва Жанубий Корея ўртасида Астана-Сеул, Алмати-Сеул ва Чимкент-Сеул йўналишлари бўйича ҳафтасига 12 та мунтазам йўловчи рейси амалга оширилмоқда.

Томонлар Korean Air авиакомпаниясининг Қозоғистон бозорига кириш режаларига алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистон томони компаниянинг 2027 йил ёзида Сеул-Алмати йўналиши бўйича авиақатновларни бошлаш ниятини қўллаб-қувватлади.

Янги авиакомпаниянинг бозорга кириб келиши икки мамлакат ўртасидаги йўловчилар оқимини ошириш ва сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш имконини беради. Шунингдек, Korean Air компанияси Сеул-Астана йўналишини очиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Авиақатновлар тўғрисидаги келишув ишлаб чиқилмоқда

Учрашувда Қозоғистон ва Корея Республикаси ўртасидаги авиақатновлар тўғрисидаги келишув лойиҳасини ишлаб чиқишни якунлаш масаласи ҳам кўтарилди. Талғат Ластаев Қозоғистон томони ҳужжатни имзолашга тайёр эканини тасдиқлади.

Ушбу келишув икки мамлакат ўртасидаги рейслар сонини кўпайтириш, авиация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва авиакомпанияларга янги йўналишларни ўзлаштириш имконини бериши мумкин.

Учрашув якунида томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Мальдив ороллари ўртасидаги авиақатновлар сони икки баробарга оширилиши ҳақида хабар берган эдик.