Қизилўрда вилояти фермерлари Сирдарёдан секундига 800 куб метр сув олади
ASTANA. Kazinform - Жорий йилнинг март ойида Сирдарё бўйлаб секундига 800 куб метр сув оқиб ўтади. Қозоғистон Республикаси Cув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Қизилўрда вилояти фермерлари билан учрашувда Ўзбекистон билан тузилган тегишли келишув ҳақида гапирди, дея хабар беради Кazinform агентлиги ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлигига таяниб.

Вазирнинг сўзларига кўра, белгиланган ҳажмдаги сув жорий йилнинг февраль ва март ойларида Қозоғистонга келиши керак.
Февраль ойида Ўзбекистон томони ўз мажбуриятларини бажарди, шунинг учун бу кўрсаткичлар март ойида ҳам давом этиши кутилмоқда.
Фермерлар билан учрашувда вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев, “Казводхоз” корхонаси маҳаллий бўлими ва Орол-Сирдарё ҳавза инспекцияси раҳбарлари, сувни тежаш технологиялари соҳасида маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари, мутахассислар ва олимлар ҳам иштирок этди. Нуржан Нуржигитов маъруза қилиб, вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида гапирди.
Шундай қилиб, бутун Қозоғистон бўйлаб маҳаллий ижроия органлари билан биргаликда 57 та сув омбори қуриш режалаштирилган, шундан 20 таси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги томонидан қурилади.
Хусусан, Қизилўрда вилоятидаги Қораўзак сув омбори қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Нуржан Нуржигитовнинг айтишича, лойиҳа бўйича қурилиш ишлари шу йил охиригача бошланиши мумкин. Шунингдек, 133 та гидротехника иншооти ва 14 минг километрдан ортиқ суғориш тармоқларини таъмирлаш режалаштирилган.
Қизилўрдада Австралиянинг Rubicon Water компанияси билан ҳамкорликда суғориш каналларини модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бир ой ичида якунланиши керак. Кейин у Қозоғистон сув хўжалиги илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан ўрганилади.
Нуржан Нуржигитов ўз маърузасини ўқиб чиққач, суғориш мавсумига тайёргарлик, сувнинг тўпланиши, гидротехника иншоотларининг ҳолати, тежамкор экинларни жорий этиш, сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан сўга чиққанларнинг фикрини тинглади.
– Аввало, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур. Давлат бунинг учун барча шароитларни яратиб бермоқда, жумладан, субсидияларни ошириш, суғориш суви учун тарифларни пасайтириш. Керакли технологиялар ҳам мавжуд. Хоҳ хориж компанияларининг маҳсулоти бўладими, хоҳ маҳаллий ишланмалар бўладими, – деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.
Учрашув сўнгида сувни тежовчи технологиялар бўйича маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари ўз маҳсулотларини Қизилўрда вилояти фермерларига тақдим этди.