Қатар госпиталлари ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга қабул қилади

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Қатарга сафари доирасида “Hamad Medical Corporation” – НМС давлат компанияси раҳбари Муҳаммад бин Халиф Ал-Сувайдий билан учрашди, деб хабар беради Kazinform  Ўзбекистон Миграция агентлигига таяниб.

Қатар госпиталлари ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга қабул қилади
Фото: ЎР Миграция агентлиги

Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Ходжаев ҳам иштирок этган музокара давомида мезбон корхона раҳбари Қатар соғлиқни сақлаш тизимида кадрларга нисбатан ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида стратегик ҳамкор ва меҳнат ресурсларига бой Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини қайд этди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон вакиллари, Миграция агентлиги фаолияти, республикамизга хос ташқи меҳнат миграцияси механизми, хорижий ҳамкорлар билан муваффақиятли шериклик андозалари хусусида маълумот берди.

Мулоқот якунида тиббиёт соҳаси учун истиқболли кадрларни танлаб олиш, касб ва тил бўйича тайёрлаш, меҳнат визаси ва Дохага келиш жараёнини расмийлаштириш, мигрантларни HMC госпиталларида иш, муносиб яшаш шароити билан таъминлаш билан шуғулланадиган қўшма ишчи гуруҳи ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур учрашув Миграция агентлигига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон фуқароларини бошқа давлатларда иш билан таъминлаш масаласига Ташқи ишлар вазирлиги ва республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаол жалб қилиниши самарасидир.

Турли йўналишдаги 15 та госпитални бирлаштирган “Hamad Medical Corporation” тизимида 35 000 дан зиёд ходим, жумладан 12 000 ҳамшира меҳнат қилади. Компания мутахассислари ҳар йили Қатар ва минтақанинг бошқа мамлакатларида 3 миллиондан зиёд беморга хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хорижда ишлаётганларга ипотека кредити олишга имконият яратилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар