Қарағанди вилоятидаги шахтада бўлган ҳалокат туфайли ҚР Президенти номига ҳамдардлик телеграммалари келаяпти

Қарағанди вилоятидаги шахтада бўлган ҳалокат туфайли ҚР Президенти номига ҳамдардлик телеграммалари келаяпти
Фото: akorda.kz

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Қасим-Жомарт Тоқаевга қўнғироқ қилиб, Қарағанди вилоятидаги кўмир конида юз берган авария муносабати билан Давлат раҳбари ва бутун қозоқ халқига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари 3 ноябрь куни Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг X саммити кун тартибини муҳокама қилдилар.

Қасим-Жомарт Тоқаев Режеп Таййип Эрдоғанни ва бутун турк халқини Туркия Республикасининг 100 йиллиги билан табриклади.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали гаплашиб, Қарағандидаги конда юз берган фожиали воқеа муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Шунингдек, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раиси, БАА Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳукмдори Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, БАА Вице-президенти, Президент Маъмурияти раҳбари Мансур бин Заид Ал Нахаян, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Ўмиралиев, БМТ Халқаро миграция ташкилоти бош директори Эми Поуп ва бошқалар томонидан ҳамдардлик телеграммалари юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни соат 02:33 да Қарағанди вилоятидаги Костенко номидаги шахтада авария юз берди.

Соат 15:00 ҳолатига кўра, Костенко шахтасидан 42 кишининг жасади топилган, 4 нафар кончини қидириш ишлари давом этмоқда.

Қарағанди вилоятидаги Костенко конида юз берган фожиа муносабати билан 29 октябрь Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди.

Сўнгги хабарлар
telegram