Исроил Иордан дарёси ғарбий соҳилида жойлашган қочқинлар лагеридаги 20 та уйни портлатди
ASTANА. Кazinform – ЦАХАЛ ўз ҳаракатини бино террорчилар томонидан фойдаланилгани билан изоҳлади. Исроилнинг Иордан дарёси соҳилидаги операцияси 21 январь куни бошланди, деб хабар беради Euronews.

1948 йилда Исроил давлати ташкил этилганда у ерда яшовчи минглаб фаластинликлар уйларини ташлаб кетишди. Уларнинг бир қисми Жениндаги қочқинлар лагерига жойлашди ва шу кунгача шу ерда яшаб келмоқда.
Ғазо секторидаги оташкесимдан сўнг Исроил армияси Ғарбий соҳилда операция бошлади. Улар ўз ҳаракатларини Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ХАМАС ва “Исломий жиҳод” каби жангари гуруҳларни кузатаётганликлари билан изоҳладилар. Операция икки ҳафтадан бери давом этмоқда.
Шанба куни Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида беш фаластинлик ҳалок бўлди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Шу тариқа, янги операция қурбонлари сони 23 кишига етди.
Исроил ва Ливан Исроил қўшинларини олиб чиқиш бўйича келишувни 18 февралгача узайтиргани ҳақида аввал хабар берган эдик.