Исроил ХАМАС билан гаровга олинганларга дори-дармон етказишга келишиб олди

Қатар ва Франция воситачилигида келишувга эришилди.
Исроил Ғазога кўпроқ асосий гуманитар юкларни олиб киришга рухсат беради. Исроилнинг уч ойлик бомбардимонидан сўнг Ғазо секторидаги аҳвол оғир.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажед Ал-Ансорийнинг сўзларига кўра, Ғазога гуманитар юк олиб кетаётган самолёт чоршанба куни Қатардан Мисрга учади. Юк орасида Ғазодаги тинч аҳолига тарқатиладиган озиқ-овқат ва гаровга олинганлар учун дори-дармонлар бўлади.
7 октябрь куни Исроилга ҳужум пайтида гаровга олинган 132 дан ортиқ одам ХАМАС қўлида қолиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ҳаммаси бўлиб 240 га яқин одам ўғирлаб кетилган ва яна 1200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли эди.
Гаровга олинганларнинг баъзилари кейинчалик, асосан, бир ҳафта давом этган сулҳ пайтида озод қилинди.
“Гаровга олинган оилалар Штаби” ташкилоти Исроил вазирлар маҳкамасига йўллаган мактубида ўғирлаб кетилган исроилликларнинг кўпчилиги мунтазам тиббий ёрдамга муҳтож, баъзилари эса бунинг йўқлиги сабабли хавф остида бўлиши мумкинлигини ёзган.
Ўтган ҳафта Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Моссад разведка бошқармаси раҳбари Давид Барнеа Қатардан гаровга олинганлар учун дори-дармонларни етказиб бериш бўйича музокараларда ёрдам сўраганини айтди.
АҚШ келишув гаровга олинганларни озод қилиш бўйича кейинги музокараларга олиб келишига умид қилмоқда. АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Қатарга шундай келишувни муҳокама қилиш учун келди, деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши сўзловчиси Жон Кирби.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида Исроил делегацияси Миср томони билан Фаластиннинг ХАМАС радикал ҳаракати билан Ғазо секторида янги сулҳ тузиш бўйича мумкин бўлган келишув шартларини муҳокама қилиш учун Қоҳирага ташриф буюрган эди.
Яқинда Исроил разведка хизматлари ва турли мамлакатлардаги ҳамкасблари бутун дунё бўйлаб террорчилик ҳужумларига тайёргарлик кўраётган ХАМАС тармоғини фош қилишди.