Ислом тараққиёт банки Қозоғистон сув хўжалигига 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритади

Араб мувофиқлаштириш гуруҳи йиғилиши
Фото: Даулет Изтилеу

ASTANА. Кazinform - Бугун Астанада араб мувофиқлаштирувчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ислом тараққиёт банки томонидан Қозоғистон сув хўжалиги соҳасига маблағ ажратилиши маълум бўлди.

“Бугун биз араб мувофиқлаштириш гуруҳи билан иш бошладик. Унинг таркибига Ислом тараққиёт банки ва Форс кўрфази давлатларининг етакчи сармоявий компаниялари киради. Дастлаб сув хўжалигига сармоя киритиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу йил сув тошқинлари туфайли ушбу соҳага зарар етди, 2-3 йил ичида сув тизимини тиклашни режалаштирганмиз. Бу келажакда сув тошқинлари билан самарали курашиш имконини беради. Ислом тараққиёт банки дастлаб 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритади”, — деди давра суҳбатида ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берган ҚР Бош вазири ўринбосари - Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров.

Миллий иқтисодиёт вазирининг фикрича, молиялаштириш самарали ва узоқ муддатлидир (камида 20 йил).

“Бугунги йиғилишда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 250 та инвестиция лойиҳасини араб мувофиқлаштириш гуруҳига тақдим этдик. Бу кенг кўламли ишларнинг бошланиши, биз мамлакатимиз учун самарали сармояларни жалб этишга умид қиламиз”, — деди у.

Таъкидлаш жоизки, араб мувофиқлаштириш гуруҳи йиғилишида Ислом тараққиёт банки, ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ва Қатар тараққиёт жамғармаси раҳбарлари, шунингдек, Қозоғистон Республикаси давлат органлари вакиллари иштирок этди.

Сўнгги хабарлар
telegram