Исландияликларнинг аксарияти ЕИ билан музокараларни қайта бошлашга қарши овоз берди
ASTANА. Кazinform — Исландияликларнинг аксарияти мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) қўшилиши бўйича музокараларни қайта бошлашга қарши овоз берди. Ҳукумат ташаббусини сайловчиларнинг 47,2 фоизи қўллаб-қувватлади, 52,8 фоизи эса қарши овоз берди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Deutsche Welleга таяниб.
30 август куни овозларни санаб чиқиш тугагандан сўнг, маҳаллий RUV медиа компанияси томонидан эълон қилинган референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, сайловчиларнинг 47,2 фоизи ҳукумат таклифини қўллаб-қувватлаган, 52,8 фоизи эса қарши овоз берган.
Бюллетенларнинг 0,7 фоизи ҳақиқий эмас деб топилди. Овоз беришда 270 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Бу мамлакат аҳолиси тахминан 400 минг кишини ташкил қилади.
Исландия 2009 йилги молиявий инқироздан кейин Европа Иттифоқига қўшилиш учун ариза берган. Бироқ, 2013 йилда Рейкьявикда евроскептиклар ҳокимият тепасига келганидан кейин музокаралар тўхтатилди.
Сўнгги йилларда кўплаб исландияликлар АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландияни аннексия қилиш ҳақидаги баёнотлари, инфляциянинг ошиши ва юқори фоиз ставкалари фонида бу масала бўйича ўз позицияларини қайта кўриб чиқдилар. Бироқ, мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қаршилик кучлилигича қолмоқда. Бу, айниқса, Исландия иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган балиқчилик соҳасида сезиларли.
Агар Европа Иттифоқи билан музокараларни қайта бошлаш тарафдорлари ғалаба қозонса, Брюссель билан мамлакатнинг иттифоққа қўшилиши бўйича келишувга эришиш керак бўлади. Шундан сўнг, Исландиянинг Европа Иттифоқига тўғридан-тўғри қўшилиши бўйича яна бир референдум режалаштирилган.
Исландия Европа Иттифоқи аъзоси эмас. Бироқ, мамлакат Шенген ҳудуди ва одамлар, товарлар, хизматлар ва капиталнинг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган Европа иқтисодий ҳудудининг бир қисмидир.
Эслатиб ўтамиз, Исландия миллий мудофаа тузилмаларини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.