Иш суръати юқори, талаб эса қаттиқ бўлади – ҚР Бош вазири

Олжас Бектенов
Фото: primeminister.kz

ASTANA. Kazinform –Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов 7 февраль куни Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан берилган топшириқларнинг бажарилиши юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Молиявий-иқтисодий блок вазирларини тинглагандан кейин, Бош вазир бюджет харажатларини тўлиқ иқтисодий даромад келтиришга йўналтириш, самарасиз харажатларни тўлиқ бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.

“Молия вазирлиги 10 кун муддатда республика бюджети ва бир ой муддатда барча маҳаллий буджетлар бўйича аудит ўтказиб, унчалик муҳим эмас харажатларни сезиларли даражада қисқартириши керак. Ҳеч ким беҳуда пул сарфламаслиги керак”, – деди Олжас Бектенов.

Бундан ташқари, Бош вазир Солиқ кодекси лойиҳасини қайта ёзиш ва унинг фалсафасини ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

“Мутахассислар ва бизнес ҳамжамиятларининг фикрларини инобатга олиш керак. Солиқ кодекси тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиб, уни оширишга рағбатлантириши керак”, – деб кўрсатма берди у.

Олжас Бектеновнинг сўзларига кўра, ҳужжат тайёрлаш жараёнида маъмуриятни тўлиқ рақамлаштириш, солиқ имтиёзлари бериш масаласини тартибга солиш зарур.

Умуман олганда, Бош вазир бизнес учун фискал харажатлар ва маъмурий юклардан қўрқмасдан “ўсиш” тамойили асосида ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳукумат раҳбари саноат ривожига янги суръат бағишлаш бўйича қатор аниқ вазифаларни белгилаб, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярга 10 кун ичида барча йирик саноат корхоналари эгалари, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналари билан музокаралар ўтказиш бўйича топшириқ берди.

“Улар тез орада янги илғор қайта ишлаш корхоналарини яратиш бўйича аниқ режаларни тақдим этишлари керак”, – деди Олжас Бектенов.

Шу билан бирга, Бош вазир маҳаллий саноат соҳасидаги гигант корхоналар Қозоғистон товарлари, иш ва хизматларини харид қилишни тубдан ошириши кераклигини таъкидлади. Улар билан тегишли келишувлар тузилади.

Бош вазир қурилиш соҳасининг долзарб масалаларини муҳокама қилар экан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

“Қозоғистон қурилиш материаллари ва бошқа буюмлар барча смета ҳужжатларига киритилиши керак. Шунингдек, материаллар ва ишларнинг нархини ноўрин оширишга тегишли смета ҳужжатларини текширинг. Маълумки, сметаларнинг нархи ошиши мумкин. Бу масалада ҳам тартиб ўрнатиш керак”, – деди Олжас Бектенов.

Ҳукумат раҳбари саноат корхоналарини энергия билан ишончли таъминлаш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Президент топшириғига кўра, жорий йилда 700 МВт дан ортиқ қўшимча қувват ишлаб чиқаришни ишга тушириш зарур. Олжас Бектенов топшириқ бажарилмаса, тегишли хулосалар чиқарилишини қайд этди.

Сув ресурслари билан таъминлаш масаласига келсак, Бош вазир масъул вазирликка иқтисодиёт тармоқларида сувдан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шунингдек, сувдан фойдаланиш маданиятини жорий этиш бўйича ишларни кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Ҳукумат раҳбари қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қурилиши юзасидан бир ой муддатда хусусий инвестицияларни жалб этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни талаб қилди.

“Таклифлар шунчаки умумий қарашлар эмас, балки потенциал инвесторлар иштирокидаги аниқ лойиҳалар ва амалга ошириш муддатларидир”, – деди Бош вазир.

Ижтимоий блок муаммоларига тўхталган Олжас Бектенов, биринчи навбатда, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта (МИТС) тизимини ислоҳ қилиш зарурлигига эътибор қаратди.

“Мен МИТС тизими жиддий ислоҳотга муҳтож, деб ҳисоблайман. Маблағларнинг самарасиз сарфланиши ва ҳаддан ташқари нотўғри рўйхатга олишига қарамай, уни молиялаштиришни кўпайтиришга йўл қўйилмайди. Соҳа тўлиқ рақамлаштириш ва шаффофликни талаб қилади”, – деди Бош вазир.

Йиғилишда Ҳукумат раҳбари рақамли трансформация, транспорт ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, “Қулай мактаб” ва “Қишлоқ соғлиғини сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ислоҳ қилиш бўйича, харидлар ва давлат-хусусий шериклик механизмлари бўйича топшириқлар берди.

“Биз дадил ҳаракат қиладиган Ҳукумат бўламиз. Ўсиш суръатларини самарали ошириш, иқтисодиётни янада фаол диверсификация қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва барча вазифаларни ҳал этиш учун бизга етарли ваколатлар берилди”, – деди Олжас Бектенов.

Унга кўра, расмиятчилик ва бюрократик чалкашликларга бутунлай барҳам бериб, стереотиплардан халос бўлиш керак.

“Вазирлар мустақил равишда қарор қабул қила олиши, тармоқ масалаларини зудлик билан ўз даражасида ҳал қилиши керак. Иш суръати юқори, талаблар қатъий бўлишини ҳамма тушуниши керак», – дея хулоса қилди Бош вазир.

Сўнгги хабарлар