Иордания Подшоҳи Қозоғистонга расмий ташриф билан келди
ASTANА. Кazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Иордания Подшоҳини Астана аэропортида Давлат раҳбарининг ўзи кутиб олди.
Ақордада олий мартабали меҳмонни кутиб олиш маросими бошланди.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Подшоҳ Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайн расмий делегация аъзоларини бир-бирлари билан таништирдилар. Кейин Фахрий қоровул ротаси бошлиғи тантанали раборт берди.
Президент оркестри Қозоғистон ва Иордания давлат мадҳияларини ижро этди.
Мадҳияларни тинглагандан сўнг, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Иордания Подшоҳи гилам бўйлаб Қозоғистон Республикаси Давлат байроғи томон юрдилар.
Байроқ олдига етиб келганларида, меҳмон тўхтади, таъзим қилди ва ҳурмат бажо келтирди. Кейин Иордания Подшоҳи ва Президент фахрий қоровул бўйлаб юришди.
Шундан сўнг томонлар кичик форматда музокараларни бошладилар. Олий даражадаги музокараларда савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Иордания Подшоҳи 6 ноябрь куни Астанада бўлиб ўтадиган Ақаба жараёни саммитида иштирок этади. Ушбу учрашувда бир қатор давлат раҳбарлари иштирок этади.
Ақаба жараёни 2015-йилда Иордания Подшоҳи Абдулла II томонидан бошланган халқаро ташаббусдир. Унинг асосий мақсади — терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
5-6 ноябрь кунлари Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II нинг Қозоғистонга расмий ташриф билан келиши ҳақида хабар берган эдик.