Хорижлик блогерлар Алмати ҳақида видео эълон қилишди

None
ALMATY. Kazinform – Машҳур араб-исроиллик видеоблогер Нусейра Ясина (Nas Daily) жамоаси Алматига ташриф буюриб, шаҳарнинг энг машҳур рамзи – олма ҳақида видео суратга олди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Видео YouTube, Instagram ва TikTokга жойлаштирилди. Лойиҳанинг умумий аудиторияси 60 миллиондан ортиқ фойдаланувчини ташкил этади. Блогернинг Instagramдаги саҳифасида Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри ҳақидаги видео аллақачон 1 миллиондан ортиқ кўрилган.

«Дунёдаги барча олмалар бир давлатдан келиб чиққанини биласизми? Қайси давлат эканлигини ҳеч қачон тахмин қила олмайсиз, чунки мен олма мамлакатидаман. Қозоғистонга хуш келибсиз! Бу Марказий Осиёдаги давлат, қаерга қарасам, ҳамма жойда олма. Олма расмлари, олма ҳайкалчалари, олмали ойналар, олма ширинликлари ва ҳатто олма номи билан аталган шаҳар! Бу Алмати шаҳри, Алмати эса олмалар ватани», - дейди видеода жамоа аъзоларидан бири.
Nas Daily канали турли мамлакатлар маданияти ва дунёнинг сайёҳлар ташриф буюрадиган ноёб жойларини намойиш этувчи видеолари билан машҳур.
Алмати ҳокимлигининг хабар беришича, мегаполис ҳақидаги видеоролик шаҳар туризм департаменти ва Visit Almaty туристик ахборот маркази кўмагида яратилган. Умуман олганда, Nas Daily жамоаси Алмати ва бутун Қозоғистон маданияти, тарихи ва бошқа хусусиятларига бағишланган бешта видеони суратга олишга муваффақ бўлди. Унинг тўрттаси Алматида, биттаси Астанада суратга олинган.
«Жамоа аъзолари Қозоғистонга сафари ҳақидаги ижобий таассуротлари билан ўртоқлашдилар, мазали таомлар кўплиги, бой миллий анъаналар, меҳмондўстлик ва табиатнинг гўзаллигини эътироф этдилар, шунингдек, ҳаммага Алмати шаҳрига ташриф буюришни тавсия қилишди», – дея таъкидлади Алмати ҳокимлиги матбуот хизмати ходими.

Фото: Видеодан кадр

Муаллиф: Еламан Турисбеков


Сўнгги хабарлар
telegram