“Хива-Бейнеу” ва “Марказий Осиё Марказ-4” магистрал газ қувурларини ўзаро боғловчи тармоқ қурилмоқда

TASHKENT. Kazinform - “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги 11 та газ сиқув компрессор станциясидаги 58 та агрегат ишчи ҳолатида бўлиб, мавжуд ресурслар доирасида барқарор ишламоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизматига таяниб.

“Хива-Бейнеу” ва “Марказий Осиё Марказ-4” магистрал газ қувурларини ўзаро боғловчи тармоқ қурилмоқда
Фото: "Ўзтрансгаз" АЖ

Қиш мавсумида газ транспорт тизими орқали табиий газни узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, авария ҳолатларига тезкор жавоб қайтариш мақсадида ҳар бир бошқармада махсус техникалар ва тезкор бригадалар шай ҳолатга келтирилган. Ҳозирда тизим корхоналарида 36 километр газ қувури, 115 та кран, 200 га яқин манометр, 2 тоннага яқин ёғ-мой, 4 600 килограмм электрод ва бошқа зарур воситалар захира қилиб қўйилган.

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзтрансгаз” АЖ ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова мазкур тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, республиканинг турли нуқталарида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тулей магистрал газ қувурлари бошқармаси томонидан “Хива-Бейнеу” ва “Марказий Осиё Марказ-4” магистрал газ қувурларини боғловчи тармоқ қурилмоқда. Бу тадбир газ узатиш жараёнида эҳтимолий тўхталишларнинг олдини олишга қаратилган.

Шунингдек, Тулей ва Ақчўлоқ бошқармалари томонидан қувурнинг 107 километрида босқичма-босқич диагностика ишлари амалга оширилмоқда. Январь ойида Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси 5-газ сиқув компрессор станциясига 2 та янги двигатель ўрнатилиб, улар ишга туширилди. Бу эса компрессор станцияси самарадорлигини янада оширди.

“Келиф-Муборак” магистрал газ қувурининг 29 километр қисмида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, газ узатиш жараёни параллел қувур орқали амалга оширилди. “Шеробод” газ тақсимлаш станцияси реконструкция қилиниб, ишга туширишга шай ҳолатга келтирилди. Бу станция шерободлик истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширишга имкон яратади.

Шунингдек, “Миндонобод” газ тақсимлаш станциясида аниқланган нуқсонлар тезкорлик билан бартараф этилди. “Шимолий Сўх” газни ер остида сақлаш иншоотида хизматларни маҳаллийлаштириш ишлари давом этмоқда. Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармасидан келтирилган икки кран таъмирланиб, сувли босимда синовдан ўтказилди.

2024 йилда жамият томонидан 70 километр нуқсонли қувур алмаштирилди, 5 минг километр қувурнинг ички юзаси тозаланди, 1 200 километр қувур диагностикадан ўтказилди. Шунингдек, 2 та янги газ тақсимлаш станцияси қурилиб, 644 та қурилма муҳофаза зонасидан чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон импортнинг ўсиши ва ишлаб чиқаришнинг қисқариши шароитида газ экспортини оширгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар