Хитойдан Астанага пиёда етиб келган марафончини пойтахт аҳли кутиб олди
2023 йилнинг 1 май куни Есбол Асқарули ўзи туғилиб ўсган Шинжоннинг Манас туманидан ватанига йўл олди ва Астанага пиёда марафонни бошлади. Марафончи 3000 километрдан ортиқ масофани ортда қолдириб, бугун Астанага етиб келди.
«Мен бутун дунёга тарқалган қора кўзли қозоқнинг ўғлиман. 2019 йилда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Кемелулининг Хитойга ташрифи чоғида телеканаллардан бирида берган интервьюсини кўрдим. Ўша одамнинг қозоқ тилида ватандошлар ҳақида айтган сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди. Ўша пайтда мен бу саёҳатни орзу қилардим. Бугун менинг орзуим амалга ошмоқда. Мен режалаштирилганидан 3 кун олдин келдим. Мана, мен Астана тупроғида турибман, жуда таъсирландим. Ҳамма муаммо ортда қолди. Қаҳрамон аждодларимиз қолдирган бепоён заминга қадам қўйдим. Қозоғистоннинг ажойиб табиатини кўрдим. «Бир ўғлимиз олисдан юртини соғиниб келяпти», дея мени кутиб олган барчангизга раҳмат айтаман, – дейди Есбол Асқарули.
У келажакдаги режалари ҳақида ҳам гапирди.
«Сафардан асосий мақсадим икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, узоқдаги ватандошларнинг саломини Астанага етказиш эди ва шу боис ҳам унинг юбилейи муносабати билан Астанага етиб боришни мақсад қилгандим. Ўйлайманки, бу саёҳат менинг оташин ёшлигимнинг унутилмас лаҳзаси бўлади. Келажак режаси шу юртда қолиб, Қозоғистон мамлакати учун ўз фуқаролик ҳиссамни қўшиш», - дейди Есбол Асқарули.
Есболга Астана ҳокими ўринбосари Есет Байкендан ташаккурнома топширилди. «Болат тұяқ» Жамоат бирлашмаси раиси ўринбосари Нубарак Нурдаулет юртдошлари номидан от ва тўн совға қилди.
Есбол Асқарули 1997 йил 1 майда Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном вилояти, Санжи аймоғи, Манас туманида туғилган. Ота-онаси эрта вафот этиб, тоғалари қўлида катта бўлган.
Аввалроқ марафончи Есбол Асқарули Астанага яқинлашаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Муаллиф: Ризабек Нусипбекули