Хитой компаниялари Қозоғистонда сув соҳасини рақамлаштиришда иштирок этмоқчи

Су ресурстары бойынща кездесу
Фото: ҚР Су ресурстары және ирригация министрлігі

ASTANA. Kazinform - ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Хитойнинг бир қатор йирик компаниялари билан учрашув ўтказди.

Вазир биринчи навбатда Хитой фуқаролик муҳандислик-қурилиш корпорацияси вице-президенти Цзян Игао билан учрашди. Компания Қозоғистонда 2017 йилдан бери ишлаб келади. Айни пайтда Хитой фуқаролик муҳандислик-қурилиш корпорацияси томонидан 5 та йирик лойиҳа амалга ошириляпти, жумладан, Жамбил вилоятидаги суғориш каналлари, дренаж тизимлари ва биноларни реконструкция қилиш.

Томонлар ирригация тизимларини рақамлаштириш ва бу борадаги икки томонлама ҳамкорликни муҳокама этдилар. Хитойнинг фуқаролик муҳандислик-қурилиш корпорацияси вакиллари Қозоғистон сув хўжалигини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича янги лойиҳаларга қизиқиш билдирди.

“Рақамли технологиялар сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, сувнинг экин турлари, иқлими ва ҳудудига қараб аниқ ва ўз вақтида тақсимланишини таъминлаш имконини беради. Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз, ресурсларимиз ва тажрибамиздан фойдаланган ҳолда ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз”, - деди Нуржан Нуржигитов.

Шундан сўнг вазир CITIC Gonstruction компанияси президенти Цзяньцян Ян билан учрашди ва сувни тежаш технологияларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Хитойлик ишбилармонлар Қозоғистонда сув тежаш тизимини ишлаб чиқаришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Нуржан Нуржигитов, ўз навбатида, вазирликнинг янги сув омборларини қуриш ва мавжуд сув омборларини реконструкция қилиш, шунингдек, Алмати ва Жетису вилоятларида ирригация тизимларини модернизация қилиш бўйича режалари ҳақида сўзлаб берди.

Вазир Power China компанияси президенти Тань Сяофэн билан ҳам учрашди. ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирилиги ва Power China компанияси билан Қозоғистон сув хўжалиги мутахассисларининг Хитойда малака ошириш курсларини ўташига келишиб олди.

Бундан ташқари, Нуржан Нуржигитов Хитой компаниясига “Қазсушар” корхонаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф қилди. Power China раҳбарияти янги сув омборлари қурилишида иштирок этиш истагини билдирди. Бу масалани батафсил муҳокама қилиш келгусида ишчи гуруҳ даражасида давом этади.

“Power China узоқ вақтдан бери Қозоғистонда муваффақиятли ишлаб келмоқда. Компания мамлакатимизда бир қанча йирик лойиҳаларни амалга оширди, шунинг учун ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Бу қўшма лойиҳаларимизни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш янада самарали бўлмоқда”, - деди Нуржан Нуржигитов.

Вазирнинг China Energy International Group бошқаруви раиси Лю Цзэсян билан учрашуви чоғида Қозоғистон сув ҳавзаларида гидроэлектр станцияларини қуриш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳага хитойлик ишбилармонлар қизиқиш билдирдилар. Томонлар бу масалани батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар.

China Energy International Group вакиллари Қозоғистон сув хўжалигини рақамлаштириш ва автоматлаштириш лойиҳаларида иштирок этиш истагини билдирди. Бундан ташқари, Хитой компанияси мамлакатда оқава сувларни тозалаш иншоотларини ўрнатишга тайёр.

Сўнгги хабарлар
telegram