Хитой денгиз маҳсулотлари импортини тақиқлагани учун Япония балиқчиликка 20 миллиард иен ажратади

Ҳукумат балиқчилик саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида жами 100,7 миллиард иен ажратади. Мамлакат аллақачон саноатни қўллаб-қувватлаш учун 80 миллиард иеналик иккита жамғарма ташкил этган.
Ҳукумат саноатга денгиз маҳсулотлари экспортини диверсификация қилишда ёрдам беришга ваъда берди, бу эса «аниқ мамлакатлар»даги сотувга боғлиқ бўлмаслик ва шунинг учун Хитой бозорларига қарамликни камайтиришдир. Ҳукумат, шунингдек, Хитой ҳукуматини сув оқизилишининг атроф-муҳитга таъсири бўйича илмий маълумотларга асосланган муҳокамаларда иштирок этишга чақирди.
Қайд этилишича, Хитой Япониядан денгиз маҳсулотлари сотиб оладиган энг йирик бозор ҳисобланади.
Захира фондлари маблағлари соҳага кўмаклашишга йўналтирилади.
Аввал хабар қилинганидек, 24 август куни Япония маҳаллий балиқ овлаш компаниялари ва қўшни давлатларнинг атроф-муҳитга таъсиридан хавотирларига қарамай, шикастланган Фукусима атом электр станциясидан тозаланган радиоактив сувни денгизга оқизишни бошлади.
Япония расмийларининг таъкидлашича, радионуклидларнинг кўп қисми, тритий бундан мустасно, тозалаш жараёнида сув чиқаришдан олдин чиқарилади.
Халқаро атом энергияси агентлиги Япониянинг сув чиқариш усули жаҳон хавфсизлик стандартларига жавоб беришини ва одамлар ва атроф-муҳитга радиация таъсири аҳамиятсиз бўлишини айтди.
Океанга сув оқизилишини кескин қоралаган Хитой дарҳол Япониядан балиқ маҳсулотларини олиб киришни бутунлай тақиқлади.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 2022 йилда Япониядан Хитойга қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 278,2 миллиард иенни, Гонконгга экспорти эса 208,6 миллиард иенни ташкил этди.