Ҳиндистонда кучли ёғингарчилик туфайли 31 киши ҳалок бўлди
ASTANA. Kazinform – Ҳиндистон шимолида содир бўлган кучли ёмғир оқибатида 31 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9-10 август кунлари Ҳиндистоннинг тўртта шимолий штатларида - Ражастан, Ҳимачал-Прадеш, Уттар-Прадеш ва Панжобда кучли ёғингарчилик кузатилган.
Кучли ёғингарчилик 31 кишининг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган. Хусусан, Панжоб штатида 12 кишидан иборат оила аъзолари машинада тўйга кетаётганда дарёга ғарқ бўлган. Тўққиз йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бундан ташқари, Бҳаратпурда Банганга дарёси яқинида етти нафар йигит сувга тушиб, остидаги ер қулаганидан кейин ҳалок бўлган. Яна уч киши ёмғир ҳовузида чўкиб кетган. Караули ҳудудида бир киши ва унинг 10 ёшли ўғлининг устига бино қулаб, вафот этган. Ражастан, Ҳимачал-Прадеш, Уттар-Прадеш ва Панжоб штатларида саккиз киши бедарак йўқолган.
Нашрга кўра, сўнгги ҳафталардаги кучли ёмғир Ҳиндистоннинг турли минтақаларидаги бинолар, йўллар ва кўприкларнинг вайрон бўлиши, шунингдек, катта сув тошқини, кўчкиларга олиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда уй деворининг қулаши оқибатида 9 нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.