Геннадий Головкин ХОҚ раҳбари билан учрашди
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин шу кунларда Асунсьон шаҳрида (Парагвай) бўлиб ўтаётган Panam Sports Бош ассамблеясида иштирок этди, деб хабар беради Kazinform агентлиги МОҚ матбуот хизматига таяниб.
Тадбир доирасида Қозоғистон МОҚ раҳбари ва Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
T.Бax Геннадий Головкинни яқинда World Boxing Олимпия комиссияси раиси этиб тайинлангани билан табриклаб, унинг жаҳон бокс ривожига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Шунингдек, у янада самарали ҳамкорликка умид билдирди.
Геннадий Головкин ХОҚ президентига комиссиянинг батафсил иш режасини тақдим этди ва яқин келажакда режалаштирилган вазифаларни маълум қилди. Иккала томон ҳам боксни Олимпия ўйинлари дастурида, жумладан, 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидладилар.
Қозоғистон МОҚ президенти, шунингдек, Panam Sports ва Чили МОҚнинг янги сайланган президенти Невен Илич билан ҳам учрашди.
Геннадий Головкин Невен Иличга Panam Sports Бош Ассамблеяси доирасида Олимпия комиссияси фаолиятига платформа тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирди. Невен Илич ҳам ўз навбатида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Panam Sports Бош Ассамблеяси доирасида World Boxing Олимпия комиссияси Жанубий ва Шимолий Америка миллий олимпия қўмиталари билан бир қатор учрашувлар ўтказади.
Аввалроқ Геннадий Головкин World Boxingнинг янги Олимпия комиссияси раиси этиб тайинлангани хабар қилинганди
Эслатиб ўтамиз, профессионал бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони (ўрта вазнда) Геннадий Головкин февраль ойида Қозоғистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси президенти лавозимига сайланган, бу лавозимни аввалроқ Тимур Қулибаев эгаллаб турган эди.
2024 йилнинг май ойида Геннадий Головкин Халқаро олимпия қўмитасининг Olympism 365 комиссияси аъзоси этиб тайинланди.