Ғарбий Қозоғистон вилоятида уч йилда 620 минг гектар ер давлатга қайтарилди
ASTANA. Kazinform – Ғарбий Қозоғистон вилоятида фойдаланилмаётган ерларнинг давлатга қайтарилиши ҳисобига яйловлар миқдори ошди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Нариман Тўреғалиев маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари ердан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, фойдаланилмаётган ерларни давлатга қайтариш вазифасини қўйди. Бугун қишлоқ аҳлини ташвишга солаётган муаммолардан бири яйлов етишмаслигидир. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан бу борада ҳар куни тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Охирги 3 йилда ўз мақсадига мувофиқ фойдаланилмай қолган 620 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари давлат мулкига қайтарилди”, – деди Нариман Тўреғалиев Марказий коммуникациялар хизмати майдонида ўтказилган матбуот анжуманида.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, 458 минг гектарга яқин ер участкалари захирага олинган, 140 минг гектар ер участкалари аҳоли пунктлари тоифасига ўтказилган, бунинг натижасида умумий яйловлар ҳажми 607 минг гектарга кўпайган.
“2022 йилнинг 1 январида вилоятда яйлов тақчиллиги 339 минг гектарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 13 баробарга қисқариб, 25 минг гектарга етди”, – деди у.