Францияда пенсия ислоҳоти: вазият янада мураккаблашди
Шанба куни Париждаги намойишчилар Умумий меҳнат конфедерацияси чақириғи билан пойтахт жанубида йиғилиб, полиция Елисей ва Конкорд майдонини ўраб олди.
АFP хабарига кўра, намойишчилар қонунни бузган - реклама тахталарини уриб, чиқинди контейнерлари ва велосипедларни ёқиб юборган, йўлларни ва транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган. «Монд» газетасининг хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни тарқатиш учун сув пуркаган ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Шунингдек, Париждаги тўқнашувларда 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинган. Мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри Лионда 36 киши ҳибсга олингани хабар қилинганди. У ерда бир гуруҳ радикаллар маҳаллий ижроия органларидан бирининг биносига бостириб киришган. Улар мулкни йўқ қилишга уриниб, марказий эшик ёнида ўт қўйишган.
Шаҳар мэри, «Яшиллар» партияси вакили Грегори Дусе намойишчиларнинг ҳаракатини қоралайди, бироқ у мамлакат раҳбариятини ҳам танқид қилади.
«Ҳокимиятнинг бу адолатсиз ислоҳотни шошқалоқлик билан қабул қилиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Кўчада ҳам, парламентда ҳам вазият жуда таранг. Бу олиб борилаётган сиёсатнинг натижасидир», - деди у.
Страсбург (шарқда) ва Лиллда (шимолда) минглаб одамлар намойишга чиқди. Нант, Брест ва Бордо (ғарб) кўчаларида ҳам норозилик намойишлари ташкил этилди.
Ҳукуматга ишончсизлик вотуми парламент қуйи палатасида овозга қўйилади.
Касаба уюшмалари 23 март куни миллий иш ташлашга чиқади, бу тўққизинчи иш ташлаш бўлади.