Европада Ғарбий Нил иситмаси қурбонлари сони ортиб бормоқда
ASTANA. Kazinform - Испаниянинг Севилья шаҳрида Ғарбий Нил иситмасидан иккита янги ўлим ҳолати қайд этилди, бу ёзда уларнинг умумий сони бештага етди. Аввалроқ вирусни юқтиришнинг ўнта ҳолати қайд этилган эди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Euronewsга таяниб.
Гвадалкививир дарёси бўйидаги бир қанча ҳудудларда вирус ташувчи чивинлар топилган. Дорихоналарда “чивинлар учун ҳаётни осонлаштирманг!” шиори ёзилган плакатларни жойлаштиришади ва инфекцияни олдини олиш бўйича маслаҳатлар беришади.
Минтақанинг бир қанча шаҳарлари аҳолиси аввалроқ ҳукуматдан вирус тарқалишига қарши чораларни кучайтиришни талаб қилиб, норозилик намойишлари уюштирган эди.
Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази маълумотларига кўра, йил бошидан буён Европанинг тўққизта давлатида, асосан, Греция ва Италияда 80 га яқин одам Ғарбий Нил вирусини юқтирган. Шифокорларнинг таъкидлашича, инфекция мавсуми ҳозир қизғин паллада, чунки июндан октябргача чивинлар кўпайиши учун энг қулай шароитлар мавжуд.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 80% ҳолларда инфекция асемптоматикдир, аммо юздан бирида менингоэнцефалит каби жиддий асоратлар пайдо бўлиши мумкин.