Эртага Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Астанага ташриф буюради
ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё+Германия” саммитида иштирок этиш учун Астана шаҳрига амалий ташриф билан келади, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Саммитда Марказий Осиё давлатларининг Германия билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.
“Саммитда савдо-иқтисодий, сармоявий, технология, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан қўшма йиғилиш ўтказиш режалаштирилган”, — дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, “Марказий Осиё+Германия” форматидаги илк учрашув ўтган йилнинг 29 сентябрь куни Берлинда бўлиб ўтган эди.
Бугун Германия канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бунгача у Ўзбекистонда бўлиб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.