Эрон элчиси Қозоғистон авиакомпанияларига туристик рейслар сонини кўпайтиришни таклиф қилди
ASTANA. Kazinform – Эроннинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Али Акбар Жоукар Қозоғистон авиакомпанияларига туристик рейслар сонини кўпайтиришни таклиф қилди.

“Қозоғистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эдик. Лекин биз бу соҳада сезиларли ютуқларга эришмадик. Икки давлат ўртасида келаётган ва кетаётган сайёҳлар сони жуда кам. Ҳатто Марказий Осиёнинг бир қанча мамлакатларига Қозоғистондан кўра кўпроқ эронлик саёҳатчилар ташриф буюришади. Қозоғистонлик сайёҳлар Эронга камроқ ташриф буюришади”, – деди дипломат.
Элчининг айтишича, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўқлиги ҳам бу тенденцияга таъсир қилмоқда.
“Туризм соҳасидаги энг муҳим муаммо бу транспортдир. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейслар жуда кам. Шу боис Қозоғистон авиакомпаниялари Эронга туристик рейсларни амалга оширса, у қозоғистонлик сайёҳлар учун энг қулай ва арзон йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Буни сизга ишонч билан айта оламан”, – деди Эрон элчиси.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ва Ўзбекистон қўшма туризм қўмитаси тузиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.