Елена Рибакина Дубайда 13 та эйс амалга оширди ва чорак финалга чиқди

DUBAI. Kazinform – Қозоғистоннинг биринчи, дунёнинг 4-ракеткаси Елена Рибакина Дубай WТА 1000 турнирининг чорак финалига чиқди.

Елена Рыбакина
Фото: ҚТФ

Қозоғистонлик теннисчи учинчи босқичда жаҳон рейтингида 53-ўринни эгаллаб турган Польша вакили Магдалена Френх билан куч синашди.

Бунгача рақиблар 2018 йили Тайбэйдаги турнирда тўқнаш келишган ва Е.Рибакина 6:3, 6:4 ҳисобида устун келган эди.

Бу сафар биринчи партияда 3:3 ҳисоби қайд этилганида польшалик спортчи брейк ясади. Бироқ, тўпни узатганида, Елена ҳисобни тенглаштирди - 5:5. Тай-брейкда кетма-кет бешта тўпни ҳисобига ёзиб қўйди – 7:6 (7:5).

М.Френх иккинчи сетни брейк билан бошлади - 3:0. Шундан сўнг Рибакина ҳисобни қисқартирган бўлса-да, рақибига устунликни қайтаришга имкон берди - 2:4. Иккинчи партия Френх фойдасига ҳал бўлди - 6:3.

Учинчи, ҳал қилувчи партияда ҳисоб 5:4 бўлиб турганида Рибакина брейк қилишга муваффақ бўлди – 6:4.

2 соат 39 дақиқа давом этган баҳсда Е.Рибакина 13 та эйс амалга оширди ва 8 та брейк-пойнтдан 3 тасидан фойдаланди. М. Френх 3 та эйс, 3 брейк (9 брейк-пойнт) билан ажралиб турди.

Соврин жамғармаси 3,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган мусобақанинг ярим финалига чиқиш учун Елена Рибакина дунё рейтингида 26-ўринни эгаллаб турган италиялик Ясмина Паолини билан куч синашади. Учинчи раундда эса у кутилмаганда дунёнинг 11-рақамли ракеткаси грециялик Мария Саккарини 6:4, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Елена Рибакина Дубай WТА 1000 турнирида 1/8 финалга чиққани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар