Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Қозоғистон тадбиркорларининг бизнес-форуми бўлиб ўтади
Тожикистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, бизнес-форумда Қозоғистондан 15 га яқин ишлаб чиқарувчилар иштирок этади. Жумладан, озиқ-овқат саноати (ёғ, ун, макарон, қандолат, гўшт маҳсулотлари), қишлоқ хўжалиги (чорва озуқаси ишлаб чиқариш), телекоммуникация ускуналари, тармоқ коммутатори, трансформатор, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш каби турли тармоқлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, форумда мамлакатнинг тоғ-кон ва геология-қидирув саноати тақдимоти ўтказилади.
Бу икки давлат тадбиркорларининг биринчи бизнес-форуми эмас. 2019 йил июль ва 2021 йил март ойларида Душанбе шаҳрида Тожикистон-Қозоғистон тадбиркорларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, 2023 йил 3 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Астана шаҳрида Қозоғистон ва Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унинг доирасида умумий қиймати 2,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 40 га яқин қўшма ҳужжат имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, 25-26 август кунлари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон амалий ташриф билан Қозоғистонга келди. Давлат раҳбарларининг музокаралари чоғида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 6 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.