Давлат раҳбари KIS Astana халқаро мактабига ташриф буюрди
ASTANА. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев пойтахтдаги бир қатор объектларни бориб кўрди. Президент дастлаб Kazakhstan International School Astana (KIS Astana) га ташриф буюрди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
20 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда жойлашган таълим муассасаси 800 нафар ўқувчи ва 120 нафар мактабгача ёшдаги болаларга мўлжалланган. Мактаб Халқаро Бакалавр (IB) томонидан аккредитация қилинган. Ушбу нуфузли дастур учта йўналишни ўз ичига олади. Хусусан, 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар учун бошланғич (Primary Years Programme, PYP) , 11 дан 16 ёшгача бўлган болалар учун ўрта (Middle Years Programme, MYP) ва 16 дан 19 ёшгача бўлган катталар учун диплом дастури (Diploma Programme, IB).
Ўқув хоналари замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар бир ўқувчининг билим олиши ва мулоқот кўникмаларини ривожлантириши учун қулай шарт-шароит яратилган. Мактабда, шунингдек, спорт инфратузилмаси, жумладан, футбол стадиони, теннис кортлари, мини-футбол майдони ва сузиш ҳавзаси мавжуд.
Давлат раҳбари Қозоғистонда таълим даражасини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, ёш авлоднинг рақобатбардошлигини ошириш ва ҳар томонлама камол топишида бундай таълим муассасаларининг ўрни алоҳида эканлигига эътибор қаратди.
Давлат раҳбари республика нашрларидан бирига суҳбат беради.