Давлат раҳбари сунъий интеллект соҳасидаги экспертлар билан учрашди
ASTANА. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи чоғида экспертлар билан сунъий интеллектни (АI) ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Давлат раҳбари сунъий интеллект замонавий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб, иқтисодиётни тубдан ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади.
– Қозоғистонда сунъий интеллектни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда. Асосий эътибор институционал муҳит яратиш, инфратузилма ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилмоқда. Институционал асосда Сунъий интеллект бўйича Халқаро маслаҳат кенгаши тузилади. Мен уни ўзим бошқараман. Ушбу кенгаш жаҳон даражасидаги экспертлар билан мулоқот ва фикр алмашиш учун стратегик майдонга айланади. Сунъий интеллект соҳасидаги миллий сиёсат бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида унинг ишига муҳандислар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар кенг жалб қилинади, — деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ахборот технологиялари соҳасида юқори сифатли мутахассисларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, сунъий интеллектни муваффақиятли жорий этиш бевосита бундай технологияларни ишлаб чиқувчи ва қўллаётган одамларнинг малакаси ва тажрибасига боғлиқ.
Давлат раҳбари мамлакатда AlemAI илғор технологиялар маркази ташкил этилганини ҳам маълум қилди. Марказ бутун дунёдан илғор тажрибаларни ўзлаштириб, инновацион ечимларни татбиқ этишга кўмаклашади. Президент сунъий интеллект билан боғлиқ ташаббусларни амалга оширадиган марказ мактаблар, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар ўргатиш марказлари учун таълим дастурлари ишлаб чиқилишини айтди. Шунингдек, унда тадқиқотчилар, стартаплар ва компаниялар учун офислар ва тажриба алмашиш жойлари бўлади.
– Биз сунъий интеллект соҳасида инсон капиталини ривожлантириш учун AI-Sana номли инновацион таълим дастурини яратдик. Дастур турли соҳа мутахассислари учун фанлараро таълим беради ва АI билан боғлиқ илғор ечимларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшади, — деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев сўзларини Қозоғистон глобал сунъий интеллект экотизимининг фаол аъзоси бўлишга интилиши билан якунлади. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, илмий тадқиқотлардан тортиб, ахлоқий меъёрларни ўрнатишгача бўлган турли тадбирларда иштирок этишга таклиф қилинди.
Учрашувда Polynome компанияси асосчиси Александр Ханин, G42 компанияси сунъий интеллект бўйича директори Жексон Эндрю, Абу Дабидаги Халифа Фан ва Технология Университетининг профессори Дебба Меруан, БМТ “Эзгулик учун сунъий интеллект” бошқарув кенгаши раиси Ал Мазруи Эбтесам, Core42 давлат ишлари ва ҳамкорлик бўйича директори Ал Қаисии Талал, Муҳаммад Бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университетининг ректори ва профессори Тимоти Болдуин, Saal.ai компаниясининг сунъий интеллект бўлими мудири Абдулнаби Аброр, Mubadala Investment Company венчур лойиҳалар ва ривожланиш бўлими мудири Ал Мазруи Фарис Суҳаил иштирок этди ва ўз фикрларини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Masdar ва ADNOC компаниялари директорини қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.