Давлат раҳбари Қостанай тумани аҳолиси билан учрашди

Қостанай облысы
Фото: Ақорда

QOSTANAY. Kazinform – ҚР Президенти Тобил шаҳрида жойлашган фавқулодда вазиятлар штабида Қостанай туманининг тошқиндан жабр кўрган қишлоқлари аҳолиси билан учрашди.

Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев фуқаролик фаоллигини кўрсатиб, табиий офатга ҳамдардлик кўрсатган барча жамоатчиликка миннатдорлик билдириб, мана шундай оғир дамларда халқнинг ҳамжиҳатлиги яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.

“Мен сиз билан кўришиш учун келдим. Вазият мураккаб эканлигини тушунаман. Давлатнинг барча ресурслари ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Президент сифатида менинг асосий вазифам селдан жабрланганларга максимал даражада ёрдам кўрсатишдир”, – деди Давлат раҳбари.

Қостанай облысы
Фото: Ақорда

Президент давлат молиясини қатъий тежамкорлик режими жорий этилгани, маблағ жабрланган аҳолига тақсимланишини айтди. Давлат раҳбари жабрланган барча аҳолига зарур ёрдам кўрсатилишини айтди.

Президент
Фото: Ақорда

“Компенсация тўлаш асосий масала. Харажат қопланади. Шу билан бирга, турар жойи яроқсиз бўлган фуқаролар учун янги уй-жойлар қурилади, таъмирлашга яроқли уйлар реконструкция қилинади. Бунинг учун барча зарур маблағлар ажратилади. Ким квартирага кўчмоқчи бўлса, биз квартира сотиб оламиз. Ўз уйларида қолишни истаганлар учун намунавий уйлар қурамиз. Бироқ, хавфли жойларда қолманг. Бундай уйларнинг лойиҳаси мавжуд. Бу уйлар қишгача тўлиқ қурилади. Ҳукуматга келгуси ёз ва кузда барча қурилиш ишларини якунлаш, табиий офат оқибатларини тўлиқ бартараф этиш бўйича топшириқ бердим”, – деди Президент.

Давлат раҳбари сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун ҳар бир ҳудудга мамлакатнинг йирик тадбиркорлари бириктирилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, аҳоли ҳам сув тошқини оқибатларини бартараф этишда тезкор ёрдам кўрсатилиб, ўз вақтида қутқарув ишлари олиб борилгани учун миннатдорлик билдирди. Уларнинг фикрича, бу бахтсиз ҳодиса халқнинг бирлигини яққол кўрсатиб берди. Табиий офатнинг дастлабки кунлариданоқ кўнгиллилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, барча ҳамдард инсонлар ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилишди.

Учрашув сўнгида Давлат раҳбари келаси йили Алаш арбоби Миржақип Дулатов таваллудининг 140 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун Арқалиқ шаҳрига ташриф буюришни режалаштираётганини таъкидлади.

Аввал хабар берганимиздек, Давлат раҳбари амалий ташриф билан Шимолий Қозоғистон вилоятига борди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг хизмат сафари вертолётда Сергеевка сув омбори, Қизилжар тумани ва Петропавл шаҳри атрофига саёҳат қилишдан бошланди. Шунингдек, Президент Петропавл гидроэлектр мажмуасини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари ташриф давомида табиий офатлар билан курашаётган фуқароларга миннатдорчилик билдиргани ҳақида ҳам ёзган эдик.

Шимолий Қозоғистон вилоятидан сўнг Президент самолёти Қостанай вилоятига учиб кетди. Давлат раҳбари Қостанай вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазият билан танишди.

Сўнгги хабарлар