Даниядаги Туркия элчихонаси олдида Қуръон ёқиб юборилди

Чоршанба куни Копенгагенда исломга қарши ва ультрамиллатчи «Danske Patrioter» (Дания ватанпарварлари) гуруҳи аъзолари мусулмонларнинг муқаддас китобига қарши провокация уюштирди.
Бир гуруҳ провокатор ислом динига қарши ҳақоратомуз сўзларни айтиб, кейинроқ Туркиянинг Копенгагендаги элчихонаси олдида Қуръон нусхасини ёқиб юборди. Улар исломга қарши шиорлар ёзилган баннерларни ушлаб, турк товарларини бойкот қилишга чақирди.
Акция полиция назорати остида ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 27 июлда Ироқнинг Даниядаги элчихонаси олдида Қуръон ёқиб юборилган эди. 28 июлда эса «Danske Patrioter» радикал гуруҳи вакиллари Копенгагендаги Миср ва Туркия элчихоналари ёнида муқаддас китобни ёқиб юборишди.
Худди шу провокация июль ойининг сўнгги кунида Швецияда содир бўлди. Парламент биноси яқинида ироқлик муҳожирлар Салван Момика ва Салван Нажем Қуръонни ёқиб юборишган.
Ҳозирда Дания ва Швеция ҳукуматлари сўз ва фикр эркинлиги тамойилларини бузмаган ҳолда Қуръон ва бошқа диний матнларни оммавий равишда ёқишни қандай тақиқлаш ҳақида ўйлашаётгани хабар қилинмоқда. Сўнгги пайтларда бундай ҳаракатлар ушбу мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бир қатор мамлакатларда Қуръонни ёқиш ҳаракатлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, бундай ҳодисаларни умумий меъёрларга зид ҳаракатлар сифатида бир овоздан қоралаш кераклигини таъкидлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси муқаддас китобларни камситувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қораловчи ва бундай хатти-ҳаракатларни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида тан оладиган резолюция қабул қилди.
Кейинроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръоннинг ёқиб юборилиши юзасидан баёнот берди.