Чет эллик сайёҳлар Алматида ўртача 5 кун қолади
ALMATY. Kazinform - Almaty Tourism Bureauмегаполисга келаётган сайёҳлар бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари билан ўртоқлашди. Бюро 1200 нафар хорижий сайёҳлар орасида сўровнома ўтказди.
Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойида Алматига 1 070 358 нафар сайёҳ келган. Улар орасида маҳаллий сайёҳлар улуши 768 минг, чет эллик меҳмонлар эса 302 минг нафарни ташкил этади.
Алмати туризм бюросининг маркетинг ва экспертиза бўлими бошлиғи Руслан Жанабаев бюро томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари билан ўртоқлашар экан, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасидаги фарқларни айтиб ўтди.
“Алматига келган хорижлик меҳмонлар асосан 26-35 ёшдаги эркаклардир. Уларнинг 40 фоизи ёлғиз, 30 фоизи дўстлари, 30 фоизи оиласи билан келади. Улар Алматида ўртача 5 кун қолиб, кунига ўртача 334 АҚШ доллари сарфлайди. Сайёҳларнинг 68 фоизи дам олиш учун, 32 фоизи бизнес мақсадида келади. Сарфланган маблағнинг 50 фоизи турар жой учун кетади”, - деди у.
Шунингдек, Руслан Жанабаев мамлакатимиз маданий пойтахтига ташриф буюраётган маҳаллий сайёҳлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, қозоғистонликлар чет эллик меҳмонларга қараганда 8,7 баравар кам пул сарфлайди.
“Алматига келаётган маҳаллий сайёҳларнинг ўртача ёши 18-25 ёшни ташкил этади. Уларнинг 68 фоизи қариндошларининг уйида яшайди. Ўртача бир киши шаҳарда 2 кун қолади ва ўртача 38 доллар сарфлайди. Яъни хорижлик сайёҳларга нисбатан 8,7 баробар кам маблағ сарфланади. Шу боис, биз ҳозир маҳаллий сайёҳларни эмас, балки чет эллик меҳмонларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз”, - деди бюро вакили.
Муаллиф: Досбол Атажан