Буюк Британия ҳукумати томонидан Марказий Осиёда иқлим ўзгариши бўйича халқаро жамғарма ташкил этилган

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Буюк Британиянинг Қозоғистон Республикасидаги Элчиси Кэти Лич бошчилигидаги Буюк Британия делегацияси билан учрашди. Томонлар Қозоғистоннинг сув хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги вазирлик матбуот хизматига таяниб.

Буюк Британия ҳукумати томонидан Марказий Осиёда иқлим ўзгариши бўйича халқаро жамғарма ташкил этилган
Фото: ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Элчи Британия ҳукумати илк бор Марказий Осиёда иқлим ўзгариши билан шуғулланувчи халқаро жамғарма ташкил этгани ҳақида маълум қилди. Жамғарма доирасида Буюк Британия минтақанинг бешта давлатига иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашда ёрдам кўрсатади. Шунингдек, Британия томони Оролни қутқариш халқаро жамғармаси билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Шу билан бирга, Кэти Лич Буюк Британия Қозоғистон билан нафақат минтақавий, балки икки томонлама ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Кэти Лич
Фото: ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

 

Нуржан Нуржигитов, ўз навбатида, икки томонлама ҳамкорликнинг учта устувор йўналишини белгилаб берди. Бу Каспий денгизини ўрганиш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда иш олиб бориш, тажриба алмашиш ва Буюк Британиядан мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, сув дипломатияси соҳасида техник мутахассисликлар талабалари ва кадрлар учун олий ўқув юртидан кейинги таълимдир.

Кэти Лич Британия томони “Болашақ” таълим дастури доирасида фалсафа магистрлари ва докторларини тайёрлашга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, элчи икки дипломли таълимнинг қўшма дастурларини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Британия делегацияси вакиллари Қозоғистонга гидрогеология, ирригация, музликларни ўрганиш ва ҳоказолар бўйича жаҳон даражасидаги мутахассисларни таклиф қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Йиғилишда оқава сувларни тозалаш технологияларини жорий этиш ҳақида ҳам сўз борди. Кэти Личга кўра, бу масала билан шуғулланувчи Британия компаниялари Қозоғистонда ишламоқчи. Улардан бири эса Чимкентда лойиҳани муваффақиятли амалга оширмоқда, бунинг натижасида сув сарфини 25 фоизга камайтириш мумкин бўлди.

– Кўриб турибманки, яқин ҳамкорликни йўлга қўядиган йўналишлар кўп. Британиялик мутахассислар ҳозир Қозоғистонда долзарб бўлган масалаларни ҳал этишда катта тажрибага эга эканидан хурсандман. Халқаро ҳамкорлик биз учун жуда муҳим. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз узоқ муддатли ва самарали бўлади, – дея хулоса қилди ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.

Сўнгги хабарлар