Бу йил Алматида 30 та сейсмик станция ўрнатилади
ALMATY. Kazinform - Алматида сейсмик хавфнинг олдини олиш мақсадида 28 та сейсмик станция ишламоқда.

Алмати ҳокими Ерболат Досаев Хитойга расмий ташрифи доирасида ХХР зилзила агентлиги президенти Ван Кун билан учрашди.
“Қозоғистон ҳудудининг 40 фоиздан ортиғи зилзила хавфи зонасида жойлашган. Биз Евроосиёдаги сейсмик камарлар тизимига мансубмиз. Алматининг ўзи эса сейсмик фаол минтақада жойлашган. Шу боис, сейсмик хавфсизликни таъминлаш “Алмати шаҳрини 2025 йилгача ривожлантириш ва 2030 йилгача ўрта муддатли истиқболлар” дастурида асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади”, — деди Ерболат Досаев.
Унинг таъкидлашича, Алматида кучли зилзилаларни башорат қилиш ва эрта огоҳлантириш бўйича 28 та станция ишламоқда, қўшимча 70 та станция ўрнатиш режалаштирилган. Жорий йилда 30 та станция ўрнатилади, 2026 йил охирига қадар яна 40 та станция ишга туширилади.
Алмати маъмурияти таъкидлаганидек, учрашув якунлари бўйича Қозоғистон Сейсмологик кузатиш ва тадқиқотлар миллий илмий маркази ва Хитой зилзила агентлиги геофизика институти ўртасида сейсмик мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимларини интеграциялашуви бўйича қўшма ишлар бўйича келишув имзоланди.
Ушбу ҳужжат ҳар икки давлат мутахассисларига реал вақт режимида сейсмик маълумотлар алмашиш имконини беради.
Муаллиф: Алма Муқанова