Бектенов ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этди
ASTANA. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Покистон Ислом Республикаси пойтахтида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 23-йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
ШҲТ йиғилишида жорий йилнинг июль ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтган саммит доирасида давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга оширишга эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари янги шароитларда, жумладан, Беларуснинг Ташкилотга тўлақонли аъзо давлат сифатидаги мақомини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилди.
Ўтган йили Қозоғистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 фоизга ошиб, 66,7 миллиард долларни ташкил қилди. Умуман олганда, ШҲТ давлатларининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 30 фоизни, ташкилот доирасидаги савдо умумий ҳажмнинг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этади.
Олжас Бектенов Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун стратегик асос яратилганини таъкидлади. Шу муносабат билан жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг секинлашуви шароитида савдода барқарор суръатни таъминлашда ўсиш учун янги имкониятлар зарур, - дейилади Ҳукумат матбуот хизмати хабарида.
Қозоғистон томони онлайн савдони рақамлаштириш ва ривожлантириш, шериклик порт-логистика тармоғини яратиш доирасида мавжуд темир йўл ва автомобиль йўлларини модернизация қилиш, энергетика ва сармоявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, чиқиндиларни самарали бошқариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳаларда яқин ҳамкорлик Шанхай ўнлиги давлатларининг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари: Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко, Қирғизистон Республикаси Вазирлар кабинети раиси Оқилбек Жапаров, Россия Федерацияси Ҳукумати Михаил Мишустин, Тожикистон Республикаси Бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Эрон Ислом Республикаси Саноат, кончилик ва савдо вазири Муҳаммад Атабак, Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраманиям Жайшанкар, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Бош котиби ўринбосари Чжан Линь, МДҲ Бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов, кузатувчи давлат ҳукумати раҳбари – Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ ва махсус меҳмон – Туркманистон Вазирлар кабинети раисининг ўринбосари - Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов нутқ сўзлади.
Йиғилиш якунлари бўйича 8 та ҳужжат, жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида “Янги иқтисодий мулоқот”ни ривожлантириш концепцияси тўғрисидаги қарор имзоланди.
Аввал хабар берганимиздек, Олжас Бектенов Ереванда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этди.