ҚР Ҳукумати раҳбари Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этади
ASTANА. Кazinform – 2024 йил 3-4 июнь кунлари Несвиж шаҳрида (Беларусь) Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари билан биргаликда Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Озарбайжон Бош вазири, МДҲ Ижрочи котиби, Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси ва Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси лойиҳавий блоки ижрочи директори таклиф этилган меҳмонлар сифатида иштирок этиши режалаштирилган.
“Кенгаш йиғилишининг кун тартиби: божхонани тартибга солиш, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, жумладан, темир йўл транспортини рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари бўйича индикатив балансларни шакллантириш, трансчегаравий бозорлардаги рақобат, ЕОИИга аъзо давлатларнинг монополияга қарши органлари фаолияти ва бошқа долзарб масалалар, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг доирасини қамраб олади. Ҳозирда ишлаб чиқилаётган ЕОИИга аъзо давлатлар бюджетлари ўртасида божхона олиб кириш божларини тақсимлаш нормаларини ҳисоблашнинг янги методологиясини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, — деди ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров вазирликдаги ҳафталик матбуот анжуманида.
Қозоғистон Бош вазири Беларусга амалий ташрифи расмий дастури доирасида 3 июнь куни Кенгашнинг бошқа иштирокчилари билан биргаликда “Белагро – 2024” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасида иштирок этади.