Астанада FEI Жаҳон кубоги Евроосиё лигаси финали бўлиб ўтади
ASTANА. Кazinform — Астанада 18-22 ноябрь кунлари Халқаро от спорти федерациясининг (FEI) конкур бўйича Жаҳон кубоги Евроосий лигаси финали — FEI Jumping World Cuр Eurasian League Final CSI-W Astana 2026 бўлиб ўтади. Бу ҳақда Астана ҳокимлиги расмий веб-сайти хабар берди.
Халқаро турнир «Арғымақ» от спорти мажмуасининг ёпиқ аренасида бўлиб ўтади ва Евроосиё лигасининг етакчи чавандозларини бирлаштиради.
Мусобақада FEI Жаҳон кубоги Евроосиё лигасининг умумий рейтингида юқори натижаларни кўрсатган спортчилар қатнашади. Турнирда энг яхши 40 чавандоз рейтинг натижаларига кўра иштирок этади.
Бундан ташқари, Евроосиё От спорти ассоциацияси (EEA) хорижий спортчиларга қўшимча таклифномалар юбориши мумкин. Мезбон мамлакатдан 10 тагача қозоғистонлик чавандоз иштирок этиши мумкин. Турнирда иштирок этиш учун умумий квота 60 кишини ташкил этади.
Турнирда иштирок этиш учун 11 мамлакат миллий федерацияларига таклифномалар юборилди. Булар: Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Беларусь, Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Молдова, Россия ва Туркманистон.
— Евроосиё лигаси финалининг Астанада ташкил этилиши Қозоғистонда от спорти ривожига янги туртки беради. Мусобақа маҳаллий чавандозларга халқаро майдонда рақобатлашиш, хорижий спортчилар билан тажриба алмашиш ва ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини беради. Халқаро мусобақа, шунингдек, от спортини кенг тарғиб қилишга ва Астананинг йирик спорт тадбирларини ўтказиш маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, — дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоизки, томошабинлар «Арғымақ» от спорти мажмуасида бўлиб ўтадиган мусобақага бепул киришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Астанада бўлиб ўтган халқаро от спорти турнирларида 14 та медални қўлга киритди.