Араб инвесторлари Қозоғистон билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида
ASTANА. Kazinform — ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Араб мувофиқлаштириш гуруҳи вакиллари — Саудия тараққиёт жамғармаси (SFD) бош директори Султон Абдулраҳмон ал-Маршадий ва ОПEК жамғармаси президенти доктор Абдулҳамид ал-Халифа билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Нуржан Нуржигитов ҳамкорлик имкониятлари ва амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни муҳокама қилди.
Хусусан, 2024-2028 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш комплекс режасида назарда тутилган сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳақида хорижий инвесторларга сўзлаб берди.
Вазир инвесторларга сув хўжалигини автоматлаштириш ва рақамлаштириш, ер ости сув таъминоти, гуруҳ сув қувурларини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, томонлар Қозоғистон сув хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Сув ресурслари ахборот-таҳлил маркази, Миллий гидрогеология хизматининг моддий-техник базасини яхшилаш масалаларини муҳокама қилди.
Ўз навбатида, хорижий инвесторлар вазирлик лойиҳаларида иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Томонлар қўшма ишчи гуруҳлар доирасидаги муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
“Биз Ислом тараққиёт банки билан музокаралар протоколини имзоладик. Бу билан биз кейинги босқичга ўтдик, бу Қозоғистоннинг сув хўжалигига катта сармоя олиб келадиган шартномаларни ишлаб чиқиш ва имзолаш имконини беради. Давлат раҳбари мамлакатимиз сув хўжалигига сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлади, шунинг учун биз халқаро молия институтлари билан фаол музокаралар олиб бормоқдамиз”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.